Жамият кишиларнинг ўз мақсадлари, белги ва функцияларига эга ижтимоий гуруҳлар, уюшмалар мажмуидир. Ижтимоий гуруҳлар эса “ижтимоий аҳамиятли кўрсаткичлар” га эга. Ушбу “кўрсаткичлар” га қараб уларнинг ўзига хос хусусиятлари, жамият билан алоқалари, ижтимоий муносабатларга таъсири аниқланади.
Аёллар ижтимоий гуруҳи, қатлами ҳам ўзининг “ижтимоий кўрсаткичлари” га эга. Улар аёлларнинг маданий маънавий соҳалардаги фаолиятида, хўжалик ҳаётини юритишда, бола тарбиясида, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокларда акс этади.
Ўлкамизга оид илк манбаларда сак ва массагет аёллари эркаклар билан бир қаторда ижтимоий маданий ҳаётда фаол қатнашгани қайд этилган. Улар нафақат хўжалик ҳаётида, шунингдек, қабилаларни бошқариш, ватанни душманлардан ҳимоя этишда иштирок этганлар. Буни ақл-заковоти, давлатни бошқариш санъати ва мардлиги борасида душманни лол қолдирган Тўмарис мисолида ҳам кўришимиз мумкин.